Келин-куёвларга қўшфамилия олишга рухсат этилди

Ўзбекистонда бундан буён никоҳланувчиларга қўшфамилия олишга рухсат берилади. Масалан, куёв Аҳмедов, келин Шуҳратова бўлса, шунда куёв Аҳмедов-Шуҳратов, келин эса Аҳмедова-Шуҳратова бўлиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Мазкур тартиб Ўзбекистон ҳукуматининг ФҲДЁ соҳаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича куни кеча қабул қилган қарорида акс этган.

Ҳужжатга мувофиқ, эндиликда ФҲДЁ органларида техник ходим бўлиб ҳисобланувчи архивариус лавозими тугатилиб, бошқарувчи ҳисобланмиш 1 ва 2-тоифали инспектор лавозимлари жорий этилади.

Қайд этилишича, янги тартиб асосида ФҲДЁ ходимлари ойлик иш ҳақлари ўрта ҳисобда 3 бараварга ошиши кутилмоқда. Хусусан, ФҲДЁ органи мудираси иш ҳақи 5 миллион сўмга (аввал 1,5 миллион сўм бўлган), 1 ва 2-тоифали инспекторлар иш ҳақи эса 3,2-3,5 миллион сўмга етиши (олдин 1,2 - 1,3 миллион сўм бўлган) кўзда тутилган.