Бу йилги мавсумда ҳар кило терилган пахта учун 1000 сўмдан берилиши билдирилди

Тошкентда пахта мавсумига тайёргарликка бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов бу йилги мавсумда терилган бир килограмм пахта учун 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўмдан берилишини маълум қилди.

«Терим жараёнига асосан ‘темир дафтар’даги оилалар, вақтинча ишсиз фуқаролар, ёшлар, хотин-қизлар жалб қилинади. Хоҳлашса, кексалар ҳам қатнашиши мумкин. ‘Terim.uz’ сайти ишга туширилади. Пахта териш истагидаги фуқароларнинг барчаси мазкур сайтга кириб, ўзи ҳақида маълумот қолдириши ва фикрларини билдириши мумкин.

Теримчи билан шартнома тузилади. Шартнома имзоланишдан олдин фуқаро қанча муддат теримда қатнашишини ўзи белгилайди. Хоҳласа, бир ой ёки ўн кун.

2020 йилги мавсумда терилган бир килограмм пахта нархи биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда эса 1400 сўм этиб белгиланди", — деди Умрзоқов.

Ўзбекистонда одамлар ҳар йили пахта теримига мажбурий жалб этилишини халқаро ташкилотлар танқид қилиб келади.

Ўқувчи-талаба ҳамда бюджет ташкилотлари ходимлари аввалги йилларда пахтага жалб қилиб келинган, аммо сўнгги икки йилда Президент Мирзиёев ҳукумати мажбурий меҳнатга барҳам бериш юзасидан жиддий мажбуриятларни олган.

Президент ва Бош вазир ўқитувчи ва шифокорларни пахтага жалб этган ҳокимлар жавобгарликка тортилиши ҳақида жиддий огоҳлантирган.