Туркманистонда “хавфли юқумли касалликлар”дан даволанишдан бош тортганлар қамалади

Ашхободдаги дорихоналаридан бири, 2020 йил августи.

Туркманистонда касалхонадан қочган ёки “хавфли юқумли касалликлар”ни даволашдан бўйин тоблаган шахсларга нисбатан икки йилгача, бу қонунбузарлик такроран содир этилган тақдирда эса беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланади. Бунга оид тузатишлар яқинда республика Жиноят кодексига киритилган ва мамлакат оммавий ахборот воситаларида чоп этилган.

Ҳужжатда айтилишича, “эпидемиологик ва пандемик характердаги юқумли деб тан олинган” касалликдан даволанишдан бош тортган ва шифохонадан қасддан қочганлар, шунингдек, бошқа одамларни бу иллатни юқтириб олиш хавфига дучор қилганлар қамоқ жазосига тортилади.

Қонун 2020 йилнинг 22 август куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан имзоланган.

Туркманистон расмийлари айни пайтда мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича биронта ҳолат қайд этилмаганини иддао қилиб келадилар. Шунга қарамай, кўплаб шаҳарларда юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида карантин чекловлари жорий этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти делегацияси республикага ташрифи чоғида туркман расмийларини мамлакатда “гўё коронавирус бордек” хавфсизлик чораларини қабул қилишга чақирган.

Озодликнинг туркман хизмати қайдича, шу кунда бутун мамлакат бўйлаб касалхоналар тўлиб тошган, тиббиёт ходимлари карантин ҳудудларига икки ҳафталик ишга жўнатилмоқда, ўликхоналар вафот этганларнинг жасадларини махсус қопларда беряпти.