Бердимуҳамедов “ютуқларни яхши ёритолмаётган” давлат ОАВ фаолиятидан норози эканини билдирди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукуматда кадрлар алмашиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Вазирлар маҳкамаси фаолиятини танқид қилган президент мулозимларни давлат оммавий ахборот воситаларида “мамлакат ютуқлари” ёритилишини таъминлай олмаганлик ҳамда “иқтисодий муаммоларни ҳал эта олмаганлик”да айблади.

Бердимуҳамедов бу огоҳлантируви бош вазирнинг маданият ва ОАВ масалаларини назорат қилувчи ўринбосари Маҳрижамол Мамедова ҳукумат мажлисида ҳисобот берганидан кейин янгради. Мазкур мажлис 4 сентябрь куни давлат телевидениеси орқали намойиш қилинганди. Мамедова бош вазир муовини лавозимига июль ойи бошида тайинланган.

Ўша мажлисда Туркманистон президенти таълим вазири ўринбосари Мердан Говшудовни ишида йўл қўйган “жиддий камчиликлари” учун вазифасидан озод қилган.

Бердимуҳамедовнинг вазирлар ва уларнинг ўринбосарларини ишдан бўшатишдан олдин омма кўзи ўнгида таҳқирлаши тез-тез кузатилади.

Қаттиқ назорат қилинадиган бу мамлакатда мустақил оммавий ахборот воситалари йўқ. Нодавлат ОАВ (асосан Интернетда) кам ахборот тарқатади.

Ҳукумат танқидчилари ва ҳуқуқ фаоллари амалдаги президент ўзгача фикрлиликка нисбатан тоқатсиз экани, аввалги автократ раҳбар Сапармурод Ниёзов ўлимидан кейин 2006 йилда Бердимуҳамедов ҳокимият тепасига келганидан бери мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият қарийб ўзгармаганини айтиб келадилар.

Ниёзов каби Бердимуҳамедов ҳам ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун энг зарур товарлар баҳоларини субсидия қилишда табиий бойликларни сотишдан тушган даромадларга таяниб келади.