Актёр Михаил Ефремов 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Михаил Ефремов.

Москванинг Пресненский туман суди актёр Михаил Ефремовни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Суд уни йўл ҳаракати қоидалари бузишда айбдор, деб топган.

Жорий йилнинг 8 июнь куни М. Ефремов иштирокидаги автоҳалокат чоғида актёр уриб юборган фургон ҳайдовчиси Сергей Захаров нобуд бўлганди. Суд актёр зиммасига Захаровнинг ўғлига 800 минг рубль товон пули тўлаб бериш мажбуриятини ҳам юклаган.

Ҳукм кучга киргунига қадар М. Ефремов ҳибсда сақланади, аввалроқ у эҳтиёт чораси ўлароқ уй қамоғида тутиб турилган.

Прокурор Евремовга 11 йиллик қамоқ жазоси сўраганди. Суд ҳукм чиқаришда қатор узрли сабабларни инобатга олган.

Ефремовнинг адвокати суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган исталган ҳукмни чиқаришни сўраган эди.

Тергов маълумотларига кўра, автоҳалокат чоғида М. Ефремов маст бўлган. Мазкур ҳодиса жамоатчилик орасида катта шов-шувга сабаб бўлганди.