Ёввойи ҳайвонлар популяцияси сўнгги 50 йилда 68 фоизга қисқарди

Кениядаги каркидонлар, (2015 йил февралида олинган сурат).

Жаҳон бўйлаб ёввойи ҳайвонлар популяцияси сўнгги ярим асрда қарийб 68 фоизга (сут эмизувчилар, қушлар, сувда ва қуруқликда яшовчилар, судралиб юрувчилар ва балиқларнинг 20 минг туридан кўпроқ) қисқарган. Бу ҳақда Жаҳон ёввойи табиат жамғармасининг (WWF) ҳисоботида айтилади.

Ҳайвонларнинг энг кўп йўқ бўлиши Лотин Америкасида (98 фоиз) қайд этилган. Осиё-Тинч океани минтақасида популяция 45 фоизга, Шимолий Америкада 33 фоизга, Европа ва Марказий Осиёда 24 фоизга қисқарган.

Табиатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар ва зоологларга кўра, ҳайвонлар сонининг бу қадар кескин қисқаришига инсон фаолияти сабаб бўлган. Вазиятни яхшилаш учун, Nature журнали экспертлари фикрича, озиқ-овқат истеъмоли ва ишлаб чиқариш усулини ўзгартириш ҳамда озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш лозим.

Ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар йўқ бўлишига оид маълумотларни Табиатни муҳофаза қилиш халқаро институти йиғиб келади. Институт ҳайвон ва ўсимликларнинг 100 мингдан зиёд турини таҳлил қилиб чиққан, улардан 32 мингдан зиёдига йўқолиб кетиш хавф солмоқда.