Андижон ҳокими тармоқларда танилган 11 болали аёлни бир машина совға-салом билан йўқлади

Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров 11 болали оилага, жамоатчилик кутгани каби автомобиль эмас, уй жиҳозлари ва ўйинчоқ совға қилди (шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати)

Андижон шаҳар ҳокими 11 фарзандини дунёга келтирган 39 яшар Насибахон Қодироҳунова оиласига бир машина совға-салом олиб борди.

Daryo.uz нашрининг шаҳар ҳокимлиги матбуот котибига таяниб хабар қилишича, ҳоким 11 болани катта қилаётган оилага кир ювиш машинаси, телевизор, иситиш печи, болалар аравачаси ва ётоғи, турли ўйинчоқларни совға қилган.

Н. Қодирохунова оиласига аталган совғалар

Н. Қодирохунова Андижон вилояти ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари орасида 10-боласини туққанда танилган.

Ўшанда бу аёлга, мамлакатда кузатилаётган анъана - кўп болали ёки эгизак туққан аёлларга тақдим қилингани каби, автомобиль совға қилинади, деган шов-шув ёйилган эди.

11-фарзанди туғилгач, Daryo.uz нашрига интервью берган аёлнинг айтишича, унга машина совға қилинмаган, ҳатто фарзандларига қонун билан олиши мумкин бўлган бола пули ҳам тўлиқ тўланмаган:

"Фарзандларимдан энг кенжасига 480 минг сўм миқдорда 2 ёшгача нафақа пули оламиз, холос. Маҳалла раисига ҳеч йўқ катта фарзандларимнинг бирини 16 ёшгача нафақа пулига ўтказиб қўйсангиз, бир миллион сўмга яқин давлатдан моддий ёрдам олардик, дея ҳар йили айтаман. Аммо у киши иложи йўқлигини таъкидлайди".

11 бола - 8 қиз ва 3 ўғилнинг 39 яшар онаси Андижон шаҳридаги "Янги ҳаёт" маҳалласида яшайди.

Турмуш ўртоғи - Андижон шаҳридаги Боғишамол автомобиль бозори ҳудудида жойлашган "Шукрона Шунқор Шоҳид" хусусий корхонаси раҳбари Шукуржон Қодироҳунов ҳам, маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан қонуний ҳуқуқлари бузилганини даъво қилиб, улар билан тортишувлари ортидан матбуотда танилган тадбиркордир.