Тошкент ва Самарқанддаги айрим мактабларда анъанавий тарздаги ўқитиш бошланди

7 сентябрь куни мамлакат бўйлаб 329 мактаб синов тариқасида очилгани эълон қилинган.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 14 сентябрдан бошлаб айрим мактаблар анъанавий тарзда навбатдаги ўқув йилини бошлади.

Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасининг хабар беришича, пойтахтдаги 318 мактабдан 143тасида 14 сентябрдан ўқувчилар анъанавий тарзда ўқий бошлайди. Қолган мактабларда эса ўқиш онлайн тарзида ўтказилади.

Самарқанд вилоятида ҳам 14 сентябрь куни 38та мактабда анъанавий тарздаги ўқиш бошланади. Вилоят халқ таълими бошқармасининг билдиришича, Жомбой, Ургут ва Пайариқ туманларида ўқитувчиларда коронавирус аниқлангани сабабли мактаблар ҳозирча очилмайди.

Аввалроқ Самарқанд вилоятида ўқув йили 14 сентябрдан эмас, 21 сентябрдан бошланиши мумкинлиги хабар қилинган эди.

Халқ таълими вазирлигининг 9 сентябрда билдиришича, мактабларни очиш тўғрисида фақат маҳаллий кенгашлар қарор қабул қилади. Бунда мактабларнинг санитария-гигиена талабларига жавоб бериши ва санитария эпидемиология ва осойишталик маркази хулосалари эътиборга олинади.

7 сентябрь куни мамлакат бўйлаб 329 мактаб синов тариқасида очилгани эълон қилинган.

Расмий статистикага кўра, мамлакатда 10 мингга яқин мактаб бор, ўқувчилар сони 6 миллион 200 мингдан ортиқ, ўқитувчилар сони эса ярим миллионга яқиндир.