Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Исроил 15 сентябрь куни Вашингтонда муносабатларни яхшилаш шартномасини имзолади.
АҚШда 3 ноябрда ўтадиган президентлик сайлови арафасида Яқин Шарқ бўйича сиёсати самарали бўлаётганини намойиш қилишга интилаётган президент Дональд Трамп шартномани имзолаш жараёнида кузатувчи сифатида иштирок этди.
“Биз бу ерга бугун тарихни ўзгартириш учун йиғилдик. Ўн йиллик можаролар ва зиддиятлардан сўнг биз ниҳоят Яқин Шарқнинг янги тонги отаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз”,-деди Трамп Оқ уйда сўзлаган нутқида.
Шартномани Исроил номидан Бош вазир Бинямин Нетаняҳу, БАА номидан ташқи ишлар вазири шайх Абдулла бин Зайд ал Наҳаян, Баҳрайн номидан ташқи ишлар вазири Абдуллатиф ал Зояний имзолади.
Мазкур шартномада Исроил-Фаластин ўртасидаги конфликтни бартараф этиш масаласи кўтарилмаган. Фаластин Араб давлатлари Исроил билан муносабатларни яхшилаётганини “ҳиёнат” деб баҳолади.
“Исроилнинг босқинчилиги тўхтамагунига қадар минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорлик бўлмайди”,- деди Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос Вашингтонда шартнома имзоланганига муносабат билдирар экан.
Араб давлатлари Фаластин масаласида ўнлаб йил давомида Исроилни бойкот қилиб келди. Аммо сўнгги йилларда Эрон билан ихтилофлар айрим араб давлатларини Исроилга яқинлаштирди.
БАА ва Бахрайн Ироилни тан олган учинчи ва тўртинчи араб давлатлари бўлишди. Бундан олдин Миср ва Иордания шундай қарорга келганди.