АҚШ комиссияси Россия ва Марказий Осиёдаги диний эркинлик билан боғлиқ “хавотирли вазият”ни муҳокама қилади

Қрим-татар мусулмонлари.

АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) 16 сентябрь куни онлайн режимида Россия ва Марказий Осиё мамлакатларидаги диний эркинлик билан боғлиқ “хавотирли вазият”га бағишланган тингловларни ўтказади.

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган комиссия маълумотларига кўра, ўтган асрнинг 90-йиллари охирларида собиқ совет республикаларида дин ҳақида репрессив қонунлар қабул қилинганидан бери Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари диний эркинликларни бўғиб келмоқда.

Тингловга оид хабарномада комиссия бутун минтақада мансабдор шахслар диний маросимларни қаттиқ назорат қилишлари ва бошқаришларини урғулаган. Бу ишларни улар, комиссия қайдича, “диний амаллар бажариладиган жойларда кузатув камераларини ўрнатиш ва жамоат аъзоларига оид шахсий маълумотлар тўла акс этган базаларни юритиш орқали” амалга оширмоқдалар.

Икки партиялилик асосида тузилган мустақил комиссия АҚШ конгресси томонидан жаҳондаги диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилиш ва бу борада тавсиялар ишлаб чиқиш учун таъсис этилган.

Апрель ойида тақдим этилган йиллик ҳисоботда комиссия АҚШ Давлат департаментига Ўзбекистонни диний эркинликларни энг қўпол равишда бузадиган мамлакатлар тоифасидан чиқаришни тавсия қилган. Айни пайтда комиссия мазкур рўйхатга Россияни қайта киритиш зарурлигини билдирган.

Комиссия хулосасига кўра, Россияда маҳаллий ҳокимиятлар диний озчиликларга босим ўтказмоқда ва бу йўлда экстремизмга оид мужмал қонунлардан фойдаланмоқда. Бу каби қонунлардан расмийлар томонидан маъқулланмаган ҳар қанақа мулоҳаза ёки диний маросимни жиноят ўлароқ таснифлашда фойдаланилади.

Комиссия баёнотида Россия дин соҳасини тартибга солувчи қонун-қоидалардан фойдаланган ҳолда, аннексия қилинган Қримда репрессив усулларни жорий қилгани қайд этилади.

Йиллик ҳисоботда Россия расмийлари яриморолда қрим-татар мусулмонларини ўғирлаш, қийноққа солиш ва қамоққа тиқишда давом этгани айтилади.

Россия Украинага тегишли Қримни 2014 йил март ойида яриморолга қўшин киритиб, асосий объектларни эгаллаб олгани ва камида 100 мамлакат томонидан ноқонуний деб топилган референдумни ўтказгани ортидан ўз назорати остига олган.

Бугунги тинглов иштирокчилари рўйхатга олишга оид қонунлар ҳамда бутун минтақада кўпинча диний жамоатлар ҳақ-ҳуқуқларини бузишда ишлатиладиган экстремизм тўғрисидаги қонунларни суиистеъмол қилиш ҳолатларини таҳлил қиладилар. Шунингдек, улар АҚШ ҳукумати учун дин сиёсатига оид масалалар бўйича тавсияларни ишлаб чиқадилар.