Ўзбекистонда коронавирусдан 11 ёшли бола вафот этди. У коронавируснинг энг ёш қурбони бўлди

17 сентябрь куни мамлакатда 599 кишида коронавирус аниқланди, 618 нафар бемор тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 17 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшаган 11 ёшли М.У., исмли ўғил бола коронавирусдан вафот этди. У Ўзбекистонда коронавируснинг энг ёш қурбони бўлди. Бунга қадар Ўзбекистонда балоғатга етмаган болаларнинг коронавирусдан ўлгани қайд этилмаган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 ёшли боланинг вафоти ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Вазирликнинг 18 сентябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида Тошкент шаҳрида 3 нафар, Тошкент вилоятида 3 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 415 кишига етди. Вафот этганларнинг 291 нафари Тошкент шаҳридан, 59 нафари Тошкент вилоятидан.

17 сентябрь куни мамлакатда 599 кишида коронавирус аниқланди, 618 нафар бемор тузалди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 49 761 нафар бемордан 46 092 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 254 нафар бемордан 478 нафари оғир, 269 нафари эса ўта оғир аҳволда.