Тошкентда Minerva World of Knowledge халқаро университети қурилиши бошланди

Лойиҳанинг умумий қиймати 500 миллион доллар. Тошкент шаҳар ҳокимли матбуот хизмати фотоси.

Тошкентнинг Сергели туманида 17 сентябрь куни Minerva World of Knowledge халқаро университети қурилиши учун тамал тоши қўйилди. Университетда 10 000 дан зиёд талаба ўқиши мўлжалланмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

Тамал тоши қўйиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, "Minerva World of Knowledge" лойиҳа раҳбари Мурали Лал Жалан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Расман билдирилишича, асосий бино 2021 йилнинг сентябрида қуриб битказилади ва кейин 5 йил давомида бошқа кампуслари, спорт мажмуаси, кутубхонаси ва талабалар турар жойлари бунёд этилади.

29 август куни Ҳиндистоннинг Minerva World of Knowledge ширкати Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан университет қуриш бўйича инвестиция келишувини имзолаган эди.

Умумий қиймати 500 миллион долларлик мазкур лойиҳа доирасида университетдан ташқари касалхона, меҳмонхона ва кўп қаватли уйлар қуриш ҳам режалаштирилган.