Автомобилда мусиқани баланд овозда қўйганлар жаримага тортилиши мумкин

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги “аҳоли пунктида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралари овозини баланд қилиб фойдаланганлик” учун қўшимча жавобгарликка тортишни таклиф қилмоқда.

Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 18 сентябрь куни regulation.gov.uz порталида ёйинланган.

Лойиҳада 127-моддада кўзда тутилган жарима миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан (223 минг сўм) уч бараварига (669 минг сўм) ошириш таклиф қилинган.

Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиш зарурати ўлароқ ИИВ Ўзбекистон ҳудудида автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши билан бир қаторда айрим ҳайдовчилар томонидан аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг магнитофон ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратураларидан овозини баланд қилиб фойдаланиши ҳоллари ҳам учраётгани, бундай ҳаракатлар фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталиги бузилишига сабаб бўлаётганини келтирган.

Лойиҳа муҳокамаси шу йил 3 октябригача давом этади.