Адлия вазирлиги вакили: Давлат хизматчисини тасвирга тушириш учун розилик талаб қилинмайди

Давлат хизматчиси хизмат вазифасини бажариш жараёнида тасвирга туширилганда ва бу тасвирлардан фойдаланилганда ундан розилик олиш талаб қилинмайди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминовнинг вазирлик сайтида чоп этилган изоҳида айтилган.

Бу ерда гап янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасида акс этган қўшимчалар ҳақида бормоқда ва ундаги янгиликлардан бири фуқаронинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқи ҳимоясини таъминлашга қаратилган модда киритилаётганидир.

Вазирлик вакили бу янгиликни айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқларда давлат хизматчилари тасвирини ҳимоя қилишга қаратилган қилиб кўрсатиш ҳолатлари учраб турганини айтиб, бунинг нотўғри талқин эканини урғулайди ва бундай тушунмовчиликларни бартараф этиш мақсадида мазкур моддага изоҳ беради.

Аъзам Мадаминовнинг ёзишича, Фуқаролик кодекси лойиҳасига киритилаётган “Фуқаронинг тасвирига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш” деб номланган моддага кўра, фуқарони тасвирга тушириш (унинг фото ва видео тасвирини ҳамда унинг тасвири акс этган тасвирий санъат асарини яратиш), шунингдек унинг тасвиридан фойдаланиш учун ушбу фуқаронинг розилиги, агар фуқаро вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг қонуний вакиллари розилиги, вафот этган бўлса, фарзандлари, эри (хотини) ёки ота-онасининг розилиги талаб этилади, яъни умумий қоида тариқасида ҳар қандай фуқаронинг фото ёки видео тасвиридан фойдаланиш учун унинг розилиги талаб қилинади.

“Шу билан бирга, - деб ёзади вазирлик вакили, - бу умумий қоидадан истисно, яъни фуқарони тасвирга тушириш ва ундан фойдаланишга розилик олишни талаб қилмайдиган ҳолатлар мавжуд”.

Мазкур ҳолатлар қаторида муаллиф қуйидагиларни санайди:

1) тасвирдан давлат ёки жамият манфаатлари учун фойдаланилганда розилик талаб этилмайди. Бундай фойдаланишга ҳуқуқбузарликка қарши курашиш, давлат хавфсизлигини таъминлаш, тасвирдаги шахснинг жиноят содир этганлиги ёки бедарак йўқолганлиги сабабли қидирув эълон қилиш, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда илм-фан, маданият ва бошқа соҳалар таниқли вакилларининг тасвиридан жамият учун катта қизиқиш уйғотадиган ахборотни тарқатиш мақсадларида фойдаланиш, шунингдек давлат хизматчиларини хизмат вазифаларини бажариш жараёнида тасвирга тушириш ва бундай тасвирлардан фойдаланиш ҳоллари киради.

2) фуқаро оммавий тадбирларда (концерт, байрам сайиллари ва бошқ.) ва жамоат жойларида (умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасалари, ҳайвонот боғи, истироҳат боғлари, кўчалар ва бошқа жамоат жойларида) тасвирланган бўлиб, бундай тасвирдан фойдаланишдан мақсад фақат ушбу жойлардаги умумий жараёнларни намойиш этиш бўлган ҳолларда розилик талаб этилмайди.

3) Фуқарони тасвирга тушириш ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланишдан мақсад ушбу фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлганда, фуқаронинг ҳақ эвазига туширилган тасвиридан ушбу тасвирни туширишдан кўзланган мақсадларда фойдаланилганда, фуқаронинг ўзи ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган манбаларда эълон қилган тасвирдан фойдаланилганда ҳам розилик талаб этилмайди.

Фуқарони тасвирга тушириш ва тасвиридан фойдаланишда унинг розилигини олиш талабига риоя қилинмаганда қандай жавобгарлик келиб чиқиши масаласини ҳам тўғри талқин қилиш муҳимлигини урғулаган А. Мадаминов бу ҳолатда ҳуқуқ бузилиши фуқаролик-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиққани учун жавобгарлик ҳам фуқаролик-ҳуқуқий характерга эга бўлишини қўшимча қилган.

“Ўз тасвиридан розилигисиз фойдаланишга дуч келган фуқаро иккинчи тарафдан ўзининг тасвирини (фотоаппарат, камера, мобил телефон ва бошқа ускуналар хотирасидан) ўчириб ташлашни, тасвири акс этган нарсаларни йўқ қилиш ва муомаладан чиқаришни, шунингдек оммавий ахборот воситаларидан, интернет тармоғидан, ташқи реклама ва реклама хусусиятига эга бўлган тарқатма материаллардан олиб ташлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар бу талаблар бажарилмаса, фуқаро (вафот этган бўлса – унинг фарзандлари, эри (хотини) ёки ота-онаси, вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса – қонуний вакиллари) талабларни мажбурий бажартириш, шунингдек ўзига етказилган моддий зарар ва маънавий зиённи ундириш учун судга мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бунда фуқаро ўзи талаб қилаётган ҳолатларни, ўзига моддий зарар ва маънавий зиён етказилганини исботлаши лозим бўлади”, деб ёзади Адлия вазирлиги вакили.

Изоҳ якунида муаллиф “Фуқаролик кодекси лойиҳасига тасвирга бўлган ҳуқуқни ҳимоясини таъминлашга қаратилган алоҳида модда киритишдан мақсад юқорида кўрсатилган ҳуқуқий бўшлиқни тўлдириш ҳамда барча фуқароларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш” эканини таъкидлаган.