Мирзиёев коронавирус юқтириб, уйида ўтирган вазирларни танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коронавирусга чалинган вазирлар, мансабдор шахслар, мактаб директорларини шифокор қабулига бормасдан, 4-5 кун давомида уйида ўтирганини танқид қилди.

18 сентябр куни ўтган видеоселектор йиғилишида Мирзиёев мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталар экан:

«Катта-катта вазирлар ҳам, катта-катта мутасаддилар ҳам, мактаб директорлари ҳам, зиёлилар ҳам 4-5 кун уйида ўтиряпти. Бу ўзининг соғлиғига хиёнат-ку, ўзининг оиласига хиёнат-ку. Биз ҳаммага айтяпмиз, шамолладингми, дарров шифокорга мурожаат қил, тиббиёт масканига кел», — деди.

Ўтган ой Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов, июл ойида эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари Муса Ерниязов коронавирусдан оламдан ўтган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 18 сентябрь соат 23:30 га қадар мамлакатда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 617 та ҳолат қайд этилган.

Бу сўнгги 8 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда расмий статистикадаги коронавирусга чалинганлар сони 50378 нафарга етган.