Тошкентда коронавирусдан вафот этганлар сони расман 300 нафардан ошди

Ўзбекистон бўйича коронавирусдан вафот этганлар сони камида 433 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 21 сентябрь куни билдиришича, сўнгги бир сутка ичида Тошкент шаҳрида 5 нафар, Тошкент вилоятида 1 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Бу билан Ўзбекистон бўйича коронавирусдан вафот этганлар сони камида 433 кишига етди. Коронавирусдан ўлимлар сони бўйича биринчи учликни Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Қашқадарё вилояти эгалламоқда.

Ўлганлар сони Тошкент шаҳрида 301 кишини, Тошкент вилоятида 66 кишини, Қашқадарё вилоятида 13 кишини ташкил қилди.

Айни пайтда мустақил манбалар коронавирусдан ўлимлар сони расмий статистикадан кўпроқ эканини маълум қилмоқда. Жумладан, “Дарё” нашрининг ёзишича, Ўзбекистонда коронавирусдан камида 450 киши ўлган.

20 сентябрь куни мамлакатда 648 ҳолатда касаллик қайд этилди, 661 нафар бемор тузалди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 51 640 нафар бемордан 47 932 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 275 нафар бемордан 557 нафари оғир, 245 нафари эса ўта оғир аҳволда.