Қозоғистонда қўшиқчиларга саҳнага маст аҳволда чиқиш тақиқланади

Қозоқ қўшиқчиси Димаш Кудайберген.

Қозоғистонда қўшиқчилар фонограммадан фойдаланаётгани тўғрисида томошабинларни олдиндан огоҳлантириши ва бундай концертларга билет нархини арзон қилиши режалаштирилмоқда.

Бу борадаги қонун лойиҳаси парламентнинг қўйи палатасида қабул қилинди ва айни пайтда юқори палата томонидан кўриб чиқилмоқда.

Қонунга асосан қўшиқчиларга классик қозоқ қўшиқларини замонавий оҳангга солиб бузиб ижро этиш, саҳнага маст аҳволда чиқиш ва томошабинларни камситиш тақиқланади.

Қозоқ қўшиқчиларининг кўпчилиги мазкур қонунни қўллаб-қувватлашларини таъкидлашмоқда. Бироқ улар қонундаги чекловлар ва тақиқлар амалда қўлланилишига шубҳа билан қарамоқдалар.

“Томошабинга қўшиқчи фонограмма билан ашула айтяптими ёки фонограммасизми, фарқи йўқ. Масалан, Қозоғистонга Ольга Бузова келди дейлик. Унинг жонли қўшиқ айта олмаслигини, фонограммадан фойдаланишини ҳамма билади. Шунга қарамай, зал одамга лиқ тўлади. Маданий даражаси паст бўлган томошабинга бунинг қизиғи йўқ”,- деб фикр билдирди таниқли мусиқачи ва композитор Ўлжас Байкан.

Парламентнинг айрим депутатлари ижро этилаётган қўшиқлар сифатига ҳам эътибор қаратиш зарурлиги тўғрисида таклиф киритмоқда.