Тожикистонда ҳарбий хизматдан бўйин товлаш учун тўртта игна ютган оддий аскар 2,5 йилга қамалди

Тожикистон Олий суди биноси.

Душанбе гарнизони ҳарбий суди оддий аскар Фаридун Зиёвуддиновни ҳарбий хизматдан бўйин товлаш мақсадида тўртта игна ютганликда айбдор деб топди ва 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

2020 йилнинг апрелида армияга чақирилган 21 ёшли Фаридун Зиёвуддинов Вахдат шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган эди.

Терговнинг аниқлашича, у хизматдан бўйин товлаш мақсадида тўртта игна ютган ва бунинг оқибатида касалхонага ётқизилган.

Айни пайтда Фаридуннинг яқинлари суд ҳукмини адолатсиз деб баҳоламоқда. Уларга кўра, 21 ёшли йигит ҳарбий хизматдан бўйин товлаш мақсадида игна ютган, деган айблов асоссиздир.

Фаридуннинг онаси ўғли ҳарбий хизматдан ҳеч қачон бўйин товламаганини билдирди ва ўз умрига таҳдид солган ҳолда игна ютганига ишонмаслигини айтди. Унга кўра, Фаридун армиядаги зўравонлик жабрдийдасидир.

“Уни тўртта игна ютишга мажбурлашган. Бу игналарни кейин касалхонада чиқариб олишди, аммо ўшандан бери ўғлимнинг соғлиғи ёмонлашган. Судга қадар мен ўғлим билан учрашдим, нега бундай қилганини сўрадим. Ўғлим жуда қўрқиб кетди ва ҳарбий хизматдан бўйин товламаганини айтди”,-деди она.

Тожикистонда ҳарбий хизматдаги оддий аскарлар зўравонликларга учраётгани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлиб туради.