Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 22 сентябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида коронавирусдан расман 5 киши вафот этди. Уларнинг тўрт нафари Тошкент шаҳридан, бир нафари Тошкент вилоятидан. Вафот этганлардан уч нафари эркак ва икки нафари аёл.
Айни пайтда коронавирус бўйича мустақил ҳисоб олиб бораётган “Дарё” нашри 21 сентябрь куни вазирлик қайд этганидай 5 киши эмас, 7 киши вафот этганини билдирди.
Нашр 66 ёшида вафот этган Хоразм вилоят 1-сон клиник шифохонаси шифокори Бахтиёр Қиличев ва Халқ таълими вазирлигининг Биринчи бўлим масъул ходими Шуҳрат Расуловни ҳам коронавирусдан ўлганлар қаторига киритган.
Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Бахтиёр Қиличев коронавирусдан вафот этганини рад этган. Бироқ унинг оиласи лаборатория таҳлиллари ва текширувларга асосланиб, Қиличевнинг ўлимига айнан коронавирус асоратлари сабаб бўлганини тасдиқламоқда.
“Дарё” нашрининг билдиришича, Халқ таълими вазирлиги “58 ёшли Шуҳрат Расулов сўнгги вақтларда коронавирус инфекциясидан шифохонада даволанаётганини маълум қилган, бироқ кейинроқ хабардан мазкур жумлани ўчириб ташлаган”.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, ҳозирги кунгача коронавирусдан ўлганлар сони республика бўйича расман 438 нафарга етган.
“Дарё” нашри эса коронавирус қурбонлари сони камида 450 киши эканини билдирмоқда.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 52 259 нафар бемордан 48 606 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3 215 нафар бемордан 536 нафари оғир, 283 нафари эса ўта оғир аҳволда.