Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли хонанда ва сухандон Шуҳрат Қаюмов 22 сентябрь куни 51 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги Телеграмдаги ўз канали орқали маълумот тарқатди.
Ш. Қаюмов 1969 йил 5 мартида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида таваллуд топган. У 1991 йили Ўзбекистон давлат санъат институтини тамомлаган.
Шуҳрат Қаюмов 1992 йилдан бошлаб кўп йиллар Миллий телерадиокомпания тизимида сухандонлик қилган. Хонанда сифатида ҳам у Ўзбекистонда ўз мухлисларини топа олган санъаткор эди.
Газете.uz нашри Маданият вазирлигидаги ўз манбалари маълумотига таянган ҳолда, Ш. Қаюмов вафотига юрак хуружи сабаб бўлганини хабар қилди.