Бюджетчиларга янги йилгача рағбатлантириш пуллари тўланмайди

Ўзбекистонда бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларга моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, ОТМларнинг моддий рағбатлантириш жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланишининг тўхтатиб турилиши (тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалар, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1-3 разрядлари қўлланиладиган ходимлардан ташқари) 2020 йил 1 октябрдан 2021 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Мазкур тартиб ҳукуматнинг шу йил 21 сентябрида қабул қилинган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида акс этган.

“Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, ҳукумат қарори билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган 224 млрд 288 млн сўм харажатлар мақбуллаштирилган.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг тасдиқланган даромадлар прогнозининг бажарилмаслиги ҳисобига харажатларнинг мақбуллаштирилган қисми республика бюджетига, ушбу қарорга мувофиқ мақбуллаштирилган маблағлар эса Инқирозга қарши курашиш жамғармасига ўтказилади.