UNFPA Қорақалпоғистон ва Чирчиқда бачадон ракига қарши кураш учун 1 миллион доллар маблағ ажратди

UNFPA логоси.

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) контрацептив воситалар ва бачадон раки диагностикаси учун Ўзбекистонга 1 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 22 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Боситханова БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю билан видеоконференция тарзида “UNFPAнинг 2021-2025 йиллар учун мўлжалланган мамлакат дастури” лойиҳасини муҳокама қилган.

“Дастурда туғруқ хизмати сифатини ошириш ва оналар ўлимини камайтириш, амбулатор хизматни яхшилаш ва оилани қўллаб-қувватлаш, репродуктив аъзолар онкологик касалликлари диагностикаси ва профилактикаси, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва репродуктив саломатликни шакллантириш масалалари бўйича қатор тадбирлар режалаштирилган”,-дейилади хабарда.

Шунингдек, мазкур дастур доирасида UNFPA Ўзбекистонга контрацептив воситалар учун 30 минг АҚШ доллари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида ва Чирчиқ шаҳрида бачадон раки касаллигининг диагностикаси ҳамда профилактикаси учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади.