Марказий банк ташқи қарз 27,6 миллиард доллар эканини билдирди. Молия вазирлиги эса бошқа рақамларни келтирмоқда

Ташқи қарз масаласида Марказий банк ва Молия вазирлиги келтираётган рақамлар бир-биридан кескин фарқ қилмоқда.

Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 2020 йил 1 июль ҳолатига 27,6 миллиард долларни долларни ташкил қилди. Бу ташқи қарз умумий ҳажми 2020 йил бошидан 12,7 фоизга ёки 3,1 миллиард долларга ошганини англатади. Бу ҳақда Марказий банк 23 сентябрь куни эълон қилган янги ҳисоботида маълум қилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2020 йилнинг I ярим йиллигида давлат сектори қарздорлигининг ўсиши 1,7 миллиард долларни ташкил қилди.

Глобал пандемия ва иқтисодий фаолликнинг пасайиши сабабли Ўзбекистоннинг суверен облигациялари қиймати фонд бозорларида биржа котировкаларининг пасайиши натижасида 2020 йилнинг бошига нисбатан камайди.

Банклар ва иқтисодиётнинг бошқа сектор корхоналари томонидан қарз олиш ҳажмининг ошиши натижасида хусусий сектор қарздорлиги 1,4 миллиард долларга ошди.

“Қайд этиш лозимки, 2020 йилнинг I ярим йиллигида хусусий сектор томонидан умумий миқдорда 2,1 млрд. доллар қарздорлик жалб қилинди. Қарзларни жалб қилиш асосан банклар – 1,8 млрд. доллар, текстиль ва тўқимачилик сектори корхоналари – 71 млн. доллар ва иқтисодиётнинг бошқа секторлари – 154 млн. доллар томонидан амалга оширилди”, -дейилади ҳисоботда.

Айни пайтда Марказий банк ҳисоботида келтирилган ташқи қарз миқдори Молия вазирлиги эълон қилган ҳисоботда кўрсатилган рақамдан кескин фарқ қилмоқда.

Молия вазирлигининг август ойида эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, 2020 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган умумий қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 19 миллиард 400 миллион доллар эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 34,0 фоизни ташкил этган.

Жорий йилнинг август ойида молия вазири Тимур Ишметов Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг ташқи қарзи, 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 19,6 миллиард долларни ташкил этаётгани тўғрисида билдирган эди.