Қозоғистонда ўлим жазоси бутунлай бекор қилинди

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон ўлим жазосини бекор қилишга оид халқаро протоколга қўшилди.

24 сентябрь куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати мамлакатнинг БМТдаги вакили Қайрат Умаров Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқларга оид халқаро пактга илова қилинган ва ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Иккинчи факультатив протоколни имзолагани ҳақида маълум қилди. Ҳужжат, уруш вақтида содир этилган ҳарбий жиноятларни истисно қилган ҳолда, ўлим жазосини бекор қилишни кўзда тутади.

Қозоғистонда 2003 йили ўлим жазосига нисбатан мораторий жорий қилинганди. Мамлакат террорчилик ва ҳарбий жиноятлар билан боғлиқ қатор моддалар бўйича ўлим жазосини сақлаб қолган.

Қозоғистон Жиноят кодексида мамлакатнинг амалдаги президенти ҳамда собиқ президенти Нурсултон Назарбоевга суиқасд (бу уриниш ўлим билан тугамаган бўлса-да) қилганлик учун ҳам ўлим жазоси берилишига оид моддалар бор.

Ҳуқуқ фаоллари аввал бир неча бор расмийларни ўлим жазосини тўлалигича бекор қилишга чақирганлар.

2019 йил декабрида президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ташқи ишлар вазирлигига мазкур факультатив протоколга қўшилиш жараёнини бошлаш ҳақида топшириқ берганди.