Жаҳон бўйлаб коронавирусдан нобуд бўлганлар сони 1 миллионга яқинлашди

Россиялик "Тез ёрдам" шифокори беморни қабул қилиб олмоқда, сентябрь, 2020

Жаҳон бўйлаб COVID-19 инфекцияси туфайли нобуд бўлганлар сони 1 миллионга етай деб қолди.

Вирус ўтган йилнинг декабрида тарқала бошлаганидан бери 33 миллиондан ошиқ одам уни юқтирди.

Вирус тарқалиши олдини олиш мақсадида жорий қилинган чекловлар туфайли жаҳон иқтисоди бўҳронга юз тутди. Европада пандемиянинг иккинчи тўлқини бошлангани айтилмоқда.

Испания, Франция ва Британияда рекорд даражада вирус юқтириш ҳолатлари қайд этилмоқда. Шу сабабдан бир неча Европа давлатида чекловлар қайта жорий қилинди.

Россияда вирус юқтирганлар сони июнь ойидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичга етди. Мамлакатга бугунга қадар 1 143 571 нафар одам вирусга чалинди.

Яқин Шарқда эса Эрон президенти Ҳасан Руҳоний вилоятларига лозим бўлса, карантин жорий қилишга изн берди.