Қирғизистонда сўнгги уч ҳафта ичида коронавирусдан бир киши вафот этди

Бишкекдаги собиқ АҚШ ҳарбий базасида коронавирус беморлари учун очилган касалхона.

Қирғизистонда COVID-19дан сўнгги бир сутка ичида бир киши вафот этди. Бунга қадар уч ҳафта мобайнида коронавирусдан ўлим ҳолати қайд этилмаган ва беморлар сони кескин озайган эди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Нурбўлўт Усенбаевнинг 28 сентябрда билдиришича, коронавирусдан вафот этган шахс Ўш вилоятида яшаган. Бу билан Қирғизистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 1064 кишига етди.

18 августгача Қирғизистонда коронавирусдан 1498 киши ўлгани расман билдирилган эди. Бироқ ҳукумат вафот этганлар рўйхатини қайта кўриб чиқиб, 437 киши коронавирусдан эмас, бошқа касалликлардан вафот этгани аниқланганини билдирган. Шу сабабли коронавирусдан ўлим ҳолатлари сони қисқартирилган.

Расман билдирилишича, сўнгги бир сутка ичида 104 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 46 355 кишига етди. Беморлардан 42 619 киши соғайган.

Айни пайтда беморлардан 700 нафари касалхоналарда, 1520 киши уйида даволанмоқда.