Европа Иттифоқи Қрим кўпригини қурганларга қарши санкцияларни маъқуллади

Қрим кўприги.

Европа Иттифоқи элчилари Қрим кўприги қурилиши учун масъул бўлган икки киши ва тўрт ширкатга қарши санкцияларни маъқуллади. Чекловлар ҳақида расман шу ҳафта эълон қилинади, дея хабар қилди Озодлик радиоси шарҳловчиси Рикард Йозвяк.

Аввалроқ Москва Россияга кириши тақиқланган ЕИ вакиллари рўйхатини кенгайтирганди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Брюсселни уйдирилган ва тутуруқсиз баҳоналар билан россияликлар ва Россия ширкатларига нисбатан санкцияларни кенгайтирганликда айблаган.

2018 йили Европа Иттифоқи Қрим кўприги қурилишида иштирок этган олти ширкатга қарши санкциялар жорий қилганди. Мазкур ширкатлар орасида Россия президенти В. Путинга яқин бўлган тадбиркор Аркадий Ротенбергга қарашли “Стройгазмонтаж” ҳам бор эди. Кўприк қурилиши учун Ротенбергга Меҳнат қаҳрамони унвони берилган.

Россия Қрим яриморолини 2014 йилги референдум натижалари асосида аннексия қилган. Референдум Украина қонунчилигига зид равишда ва яриморол россиялик ҳарбийлар назорати остига олинганидан кейин ўтказилганди. Ғарб мамлакатлари буни халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши, деб ҳисоблайди. Москва иддаосига кўра эса бу “тарихий адолатнинг тикланиши”дир.

Қрим кўприги Керчь ва Тамань яриморолларини бирлаштиради. Кўприкдаги автомобиль йўли 2018 йил майида, темир йўл эса 2019 йил декабрида очилган.

Душанба (28 сентябрь) куни Росгвардия кўприкни қўриқлаш учун 395 миллион рублга иккита дрон сотиб олиши маълум бўлди.