Ўзбекистонга ноқонуний равишда 30 бошдан кўпроқ қўй олиб ўтишга ҳаракат қилганлар қўлга олинди

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги ўзбек аскарлари.

Қирғизистоннинг Олабуқа туманида Ўзбекистонга 33 бош қўйни ноқонуний равишда олиб ўтишга ҳаракат қилган икки нафар қирғизистонлик қўлга олинди.

Чегара хизматининг 29 сентябрда билдиришича, улар Тепақўрғон қишлоғининг Ўзбекистон билан чегарадош бўлган “33 гектар” деб номланган ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатсиз ва рухсатсиз 33 бош қўйни Ўзбекистонга ҳайдаётган пайтда ушланган.

Қўлга олинганлар Ички ишлар органларига топширилди. Қўйлар эса ортга қайтарилди.

Сўнгги кунларда Қирғизистонинг Олабуқа ва Ахси туманлари орқали чорва молларини ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб ўтиш ҳаракатлари тез-тез содир этилмоқда.

Кейинги ҳафталарда Қирғизистонда гўшт нархи камида 10 фоизга қимматлаб кетди. Сўнгги бир неча йил давомида деярли ўзгаришсиз турган нархларнинг кескин ортиб кетишини маҳаллий қассоблар ҳам, расмийлар ҳам чорванинг қўшни давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга экспорти кучайгани билан изоҳламоқда.