Канада ва Британия Александр Лукашенкога қарши санкция жорий қилди

Лукашенко Беларусни 26 йилдан бери бошқариб келади.

Британия ва Канада ҳукумати Александр Лукашенко, унинг ўғли Виктор ва яна қатор ҳукумат мулозимларига нисбатан санкция жорий қилди.

Санкция жорий этилган шахсларга бу мамлакатларга кириш тақиқланади ва уларнинг банк ҳисоблари музлатилади.

Канада ва Британия бундай қарор қабул қилинишига Беларусда 9 августда ўтган президентлик сайлови натижалари сохталаштирилгани ҳамда норозиларга қарши ҳаддан ташқари куч қўллангани сабаб бўлганини билдирди.

Лукашенко ва унинг ўғлидан ташқари, президент маъмурияти бошлиғи Игорь Сергеенко, Ички ишлар вазири Юрий Караев, унинг ўринбосарлари Александр Барсуков ва Юрий Назаренко, Ички ишлар махсус қўшинлари қўмондони ўринбосари Хазалбек Атабеков ва Минск ОМОНининг қўмондони Дмитрий Балаба ҳам санкциялар рўйхатига киритилди.

Беларусда норозилик намойишлари 9 август куни ўтган президентлик сайловида мамлакатни 26 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғолиб деб эълон қилиниши ортидан бошланиб кетганди.

Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтиб, уни тан олишдан бош тортди.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Лукашенкони президент сифатида тан олмаслигини билдирган.