Қирғизистон: Парламент сайловида қарийб ярим миллион қирғизистонлик овоз бера олмайди

Қирғизистонда жорий ҳафта охирида бўлиб ўтадиган парламент (Жўғўрқу Кенеш) сайловида ярим миллион чоғли сайловчи овоз бера олмайди. Бу ҳақда 30 сентябрь куни Қирғизистон Давлат қайд хизмати Озодликнинг қирғиз хизматига маълум қилган.

Қайд этилишича, қирғизистонликлардан 437 минг 384 нафари биометрик қайддан ўтмаган ва ҳали ҳам эски намунадаги ID-паспортлардан фойдаланиб юришибди. Мамлакат қонунларига кўра, бундай ватандошлар сайловда овоз беролмайди.

Қирғизистон МСК маълумотларига кўра, сайловчилар рўйхатига 3,5 миллионга яқин одам киритилган.

Биометрик маълумотларга оид қонун 2014 йилда қабул қилинган. Биометрик қайдга олиш ишини Давлат қайд хизмати амалга оширади. Қирғизистонда биометрик паспортлар бериш 2017 йил май ойидан бошланган.

Қирғизистонда галдаги парламент сайлови шу йилнинг 4 октябрига белгиланган. Сайловолди пойгасида 16 та партия иштирок этмоқда.