Телеграм-каналларда изоҳ қолдириш имконияти пайдо бўлади

Telegram мессенжерининг асосчиси Павел Дуров яқин орада Телеграм-каналларда постларнинг остида изоҳ қолдириш имконияти пайдо бўлиши ҳақида эълон қилди. У янги функцияни ўз каналида синов режимида ишга туширган.

Янги функция гуруҳ чатига (суҳбатхонасига) ўхшашини қайд этган Дуров фойдаланувчилар изоҳни ёзув шаклида ҳам, овозли хабар шаклида қолдириши мумкинлигини қўшимча қилди.

Telegram шу кунгача пост остида изоҳ қолдириб бўлмайдиган ягона ижтимоий тармоқ эди. Кўплаб блогерлар бу платформани айнан изоҳ бўлимида интернет-троллар ва ботлар хуружидан сақланиш имкониятини бергани учун бошқа платформалардан афзал кўришарди.

Telegram мессенжери Ўзбекистонда ҳам жуда оммалашган бўлиб, ундаги каналлар орқали маълумот тарқатиш имкониятидан нафақат нодавлат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар, балки давлат идоралари ҳам актив фойдаланадилар.