COVID-19: Чехияда кейинги ҳафтадан фавқулодда вазият тартиби жорий этилади

Прагадаги Карлов кўпригида реклама учун суратга тушаётган моделлар, 2020 йил майи.

Чехия ҳукумати 5 октябрдан мамлакатда 30 кунлик фавқулодда вазият тартиби жорий этилиши ҳақида эълон қилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Роман Примула душанбадан камида икки ҳафтага мактаблар ёпилиши, оммавий спорт тадбирларига бориш тақиқланишини маълум қилди. Унга кўра, ёпиқ биноларда ўтказиладиган тадбирларда иштирокчилар сони 10 нафардан, очиқ ҳавода ўтказиладиган тадбирларда эса иштирокчилар сони 20 нафардан ошмаслиги лозим.

Расмий маълумотларга кўра, 30 сентябрь куни Чехияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 1 минг 80 та ҳолат қайд этилган. Мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони эса 68 минг 919 нафарга, қурбонлар сони эса 655 нафарга етган. Беморларнинг 34 минг нафардан кўпроғи муолажаси давом этмоқда.

Чехияга қўшни бўлган Словакияда 1 октябрдан бошлаб 45 кунлик фавқулодда вазият тартиби жорий этилди. Чехиядан Словакияга келаётганлар коронавирусга тест топширишлари ёки карантинда ўтиришлари керак бўлади.

Германия расмийлари 25 сентябрь куни Чех Республикасини “хатар ҳудуди” деб эълон қилган. Ҳозирда Чехиядан Германияга бораётганлардан ҳам COVID-19 га чалинмаганига оид маълумотнома кўрсатиш талаб қилинмоқда. Ҳолландия, Дания, Бельгия ва Кипр каби мамлакатлар ҳам чегарадан кириб келаётган чехияликлар учун чекловлар жорий қилганлар.