Европа Кенгаши беларуслик 40 чоғли мулозимга қарши санкция режасини мувофиқлаштирди

Европа Кенгаши лидерлари 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган президент сайловидаги сохталаштиришлар ва намойишларни аёвсиз бостириш учун масъул бўлган мулозимларга нисбатан санкциялар жорий қилиш режасини ўзаро мувофиқлаштиришди.

“Бугун биз санкция киритиш қарорини қабул қилдик”, деди Брюсселдаги саммитда раислик қилган Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель журналистларга.

У 2 октябрь куни беларуслик мулозимларга қарши санкциялар киритиш учун махсус процедура бошланишини билдирди.

Санкция рўйхатида Александр Лукашенконинг исми йўқ. Европа Кенгаши дипломатлари у рўйхатга кейинчалик қўшилиши мумкинлигини билдирганлар.

Европа Кенгаши Лукашенконинг олтинчи муддатга президент лавозимида қолишига имкон берган сайлов натижаларини рад этиб, намойишчилар ва мухолифатчиларга қарши репрессияларни қоралаган.

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйенга кўра, намойишларни бостирганлар жазосиз қолмайди.

Европа Кенгашининг санкцияларга оид қарори очиқланиши ортидан Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги баёнот тарқатиб, Европа Иттифоқини иккиюзламачиликда айблади. Мазкур баёнотда Европа Кенгашининг бу қадамига жавоб ўлароқ Минск ЕИ вакилларига қарши ўз санкция рўйхатини тузиши билдирилган.