Ўзбекистон чегарани очишга ҳозир, Тожикистон эса бу таклифни кўриб чиқмоқда

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара ўтказиш пункти (архив фото)

Ўзбекистон 1 октябрдан чегарани очиш борасида Тожикистон томонига жўнатган расмий билдиришномага ҳануз жавоб кутмоқда.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлигининг «Азия-Плюс» нашрига маълум қилишича, Ўзбекистон томонидан келган расмий билдирув мамлакатнинг Коронавирусга қарши кураш штабига берилган, штаб бу масалани кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистон 1 октябрдан мавжуд карантин ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда авиация, темир йўл ва автойўл ўтказиш пунктлари орқали кириб-чиқишга рухсат берди.

Республика махсус комиссиясининг 17 сентябрда қабул қилган қарорига кўра, 1 октябрдан бошлаб Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон билан чегарада жойлашган автойўл ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кираётган шахслар коронавирусга ПЗР ёки экспресс-тест ёхуд антиген текширувидан ўтган ҳолда 14 кунга меҳмонхона ёки уй карантинига юборилади.

Сўнгги 14 кун давомида «яшил» давлатда (Хитой, Таиланд, Малайзия, Жанубий Корея, Грузия, Венгрия, Финляндия, Латвия, Австрия ва Япония) бўлиб турган шахслар Ўзбекистон ҳудудига тўғридан-тўғри киритилади.

«Сариқ» (Озарбайжон, Беларусь, БАА ва Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия ва Испания бундан мустасно) ҳамда «қизил» давлатлардан (қолган барча давлатлар) кириб келаётган шахслар сўнгги 72 соат давомидаги коронавирусга ПЗР тести манфий натижалари тўғрисида маълумотнома тақдим этган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.

Ўзбекистонга келаётган шахслардан 14 кун давомида меҳмонхонада ёки уй карантинида бўлиш мажбуриятини зиммасига олиш тўғрисида тилхат олинади.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон 16 мартдан бошлаб хорижий давлатлар билан барча қатновларни тўхтатган эди.