Тиббиёт бўйича Нобель мукофоти С гепатити вирусини кашф қилган олимларга берилди

Физиология ва тиббиёт соҳаси бўйича Нобель мукофоти 2020 йилда С гепатити вирусини кашф қилган ва бу хасталикка қарши курашга ҳисса қўшган олимларга берилди.

Лауреатларнинг исми Стокҳолмдаги маросимда эълон қилинди. Булар америкалик Харви Олтер ва Чарльз Райс ҳамда британиялик Майкл Хоутондир.

Нобель қўмитаси хабарномасида айтилишича, бу олимлар тадқиқотлари шарофати билан сурункали гепатитни келтириб чиқарувчи сабаблар аниқланган ҳамда миллионлаб одам ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган янги препаратлар ишлаб чиқилган.

85 ёшли Харви Олтер америкалик вирусолог ва инфекционист бўлиб, Соғлиқни сақлаш миллий институти қошидаги қон қуйиш институтининг юқумли касалликлар бўлими раҳбаридир. Майкл Хоутон Канаданинг Альберта провинциясидаги Вирусология институтида ишлайди. Чарльз Райс эса Нью-Йоркдаги Рокфеллер университетда вирусология профессоридир.

Душанба, 5 октябрь куни тиббиёт бўйича мукофот совриндорлари номини эълон қилиш билан Нобель ҳафталиги бошланди.