Рязанда ёнғин ва портлашлар оқибатида 6 киши касалхонага ётқизилди

Ёнғин ва портлашлар Желтухино қишлоғига яқин ҳудудда 7 октябрь куни эрталаб юз берди.

Россиянинг Рязан вилоятида собиқ ҳарбий қисмда юз берган ёнғин оқибатида омборхонадаги ўқ-дори захираси портлаши ортидан икки киши яраланди. “Интерфакс”нинг хабар беришича, улар Скопин шаҳар касалхонасига ётқизилган. Улардан бирининг аҳволи оғир экани айтилмоқда. Вилоят ҳукумати эса камида 6 киши касалхонага ётқизилганини маълум қилди.

Ёнғин ва портлашлар оқибатида мазкур ҳудуддан бир ярим минг аҳоли эвакуация қилинди, 13та аҳоли пунктида газ ўчирилди. Вилоятда фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Ёнғин ва портлашлар Желтухино қишлоғига яқин ҳудудда 7 октябрь куни эрталаб юз берди. Мудофаа вазирлигининг билдиришича, қуриган майсалар ёна бошлаган, қаттиқ шамол эса оловни артиллерия снарядлари сақланаётган омборхонага туташтирган.

Воқеа жойига Россия фавқулодда вазиятлар вазири Евгений Зиничев жўнаб кетди. Тергов қўмитаси “атрофдагиларга таҳдид солиш мумкин бўлган қурол ва буюмларни сақлаш таритибини бузиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатди.