Трамп АҚШ аскарлари Афғонистондан йил охиригача чиқиб кетишини билдирди

АҚШ ва Афғонистон ҳарбийларининг қўшма машқи, Ҳирот, 2019 йил майи.

АҚШ қўшинлари Афғонистонни жорий йил охиригача тарк этишлари лозим. Бу ҳақда президент Дональд Трамп Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Трамп бу баёнотни ўзининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси чиқишидан бир неча соат ўтганидан кейин берди. У 2021 йил бошига бориб Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар сони 5 мингдан 2,5 минггача қисқаришини билдирди.

Америкалик ҳарбийларнинг Афғонистондан олиб чиқилиши Қўшма Штатлар, Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ҳаракати ўртасида шу йил февраль ойида тузилган келишувда кўзда тутилган. Унда АҚШ ҳарбийлари 2021 йил майигача тўлалигича Афғонистондан чиқиб кетиши айтилган. Бунинг эвазига “Толибон” ҳаракати жангари исломий гуруҳларга қарши курашиш ва Афғонистон ҳукумати билан музокаралар олиб бориш мажбуриятини ўз зиммасига олган.

Ёзда АҚШ нашрлари, ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда, Россия толибларни Афғонистондаги америкалик ҳарбийларни ўлдиргани учун мукофотлагани ҳақида ёзиб чиққан. Бунга жавобан Трамп бу ҳақда ўзига маълумот берилмаганини билдирган. Россия бунга оид айбловларнинг ҳаммасини рад этган.