Боку ва Ереван Тоғли Қорабоғда оташкесим шартлари тўғрисида келишди

Оташкесимга Москвада Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари Жайхун Байрамов ва Зограб Мнацаканян ўртасидаги музокаралар пайти эришилган.

Озарбайжон ва Арманистон 10 октябрь куни соат 12:00дан бошлаб Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олди.

Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Оташкесимга Москвада Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари Жайхун Байрамов ва Зограб Мнацаканян ўртасидаги музокаралар пайти эришилган.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров воситачилигида уларнинг учрашуви ёпиқ шаклда бўлиб ўтди ва ўн соатдан кўпроқ давом этган.

Томонлар келишувига кўра, ҳарбий асирларни ва ушлаб турилган бошқа шахсларни ҳамда ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмаштириш ва Халқаро қизил хоч мезонларига мувофиқ гуманитар мақсадларда 2020 йил 10 октябрь соат 12:00дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш эълон қилинади.

Тоғли Қорабоғдаги уруш 27 сентябрда бошланган ва юзлаб инсон ўлимига сабаб бўлди.