Бердимуҳамедов бир неча давлат амалдорини лавозимидан бўшатди

Туркманистоннинг авторитар президенти Гурбангули Бердимуҳамедов бир неча расмий, судья ва прокурорни алмаштирди.

Давлат матбуоти хабарларига кўра, Бердимуҳамедов Давлат миграция хизмати раисини алмаштирган. Президентнинг бу қарорига расмий изоҳ берилмаган.

Шунингдек, Бердимуҳамедов чегара хизмати қўмондони ҳамда вице-премьер-министр ва Хавфсизлик кенгаши котибига «ўз ишини яхши олиб бормагани» учун танбеҳ берган.

Президенти «Dayhanbank» давлат банки директори ўринбосарини ҳам алмаштирган.

Ниҳоят, авторитар президент бир неча ҳудудий судья ва прокурорни ҳам лавозимидан четлатган.

Ўтган ойда Бердимуҳамедов ҳукуматда кадрлар алмашиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Ўшанда Вазирлар маҳкамаси фаолиятини танқид қилган президент мулозимларни давлат оммавий ахборот воситаларида «мамлакат ютуқлари» ёритилишини таъминлай олмаганлик ҳамда «иқтисодий муаммоларни ҳал эта олмаганлик»да айблаганди.

Ҳукумат танқидчилари ва ҳуқуқ фаоллари амалдаги президент ўзгача фикрлиликка нисбатан тоқатсиз экани, Бердимуҳамедов 2006 йилда – аввалги авторитар раҳбар Сапармурод Ниёзов ўлимидан кейин ҳокимият тепасига келганидан бери мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият қарийб ўзгармаганини айтиб келадилар.

Ниёзов каби Бердимуҳамедов ҳам ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун энг зарур товарлар баҳоларини субсидия қилишда табиий бойликларни сотишдан тушган даромадларга таяниб келади.