Халқаро ташкилотлар Туркияни туркман фаолини Ашхободга топширмасликка чақирди

29 ёшли Дурсўлтан Таганова Истанбулда июлда қўлга олинган.

Жаҳондаги 11та йирик ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Туркия ҳукуматига туркманистонлик фаол Дурсўлтан Тагановани Ашхободга депортация қилмаслик илтимоси билан мурожаат қилди.


12 октябрда эълон қилинган баёнотда «Туркманистонда ҳукуматни танқид қилган шахслар таъқиб қилиниши ҳеч кимга сир эмас», деб айтилади. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Таганова Туркияда «бошпана изламоқда».


«Дурсўлтан Таганова Туркманистонга қайтарилса, жиддий босимлар ва қийноқларга дучор этилади. Туркия Тагановани қийноқларга соладиган мамлакатга топширмай, ўз халқаро мажбуриятини бажариши лозим»,-деб билдирди Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.


29 ёшли Дурсўлтан Таганова Истанбулда июлда коронавирус юзасидан эълон қилинган чекловларга амал қилмаганликда айбланиб қўлга олинган ўнлаб туркман фаолларидан биридир.


Фаоллар Истанбулдаги Туркманистон элчихонаси олдида президент Гурбангули Бердимуҳамедовга қарши норозилик акцияси ўтказишни режалаштиргандилар. Намойишдан бир неча соат олдин улар қўлга олинган. Фаолларнинг асосий қисми полицияда беш соат ушлаб турилганидан сўнг озод қилинган эди.