Жорий йилнинг 19 октябридан бошлаб Тошкент шаҳар жамоат транспорти (автобус, метро, йўналишли такси) хизматидан фойдаланганда йўловчилардан ниқоб тақиб юришдан ташқари тиббий қўлқопда бўлиш ҳам қатъиян талаб қилина бошлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.
Вазирлик мазкур қарор бугунги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, жамоат транспортида турли юқумли мавсумий инфекциялар тарқалишининг олдини олиш ва йўловчилар саломатлигини асраш мақсадида қабул қилинганини билдирган.
Хабарномада шаҳар жамоат транспортидан фойдаланганда йўловчиларнинг санитария қоидалари ва белгиланган карантин талабларига қатъий амал қилишларини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирлигининг автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бошқармаси инспекторлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи томонидан транспорт инфратузилма объектлари ва жамоат транспортида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари ўтказилиши қайд этилган.