Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов вафот этди

Аъзамхон Баҳромов.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Аъзамхон Баҳромов 60 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Расмийлар Газета.uz нашрига ўлим сабаби ССВ томонидан текширилганидан сўнг аниқланишини айтганлар.

Аъзамхон Баҳромов 1960 йил 12 январида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида туғилган. У 1986 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тугатган.

А. Баҳромов Каттақўрғон туманини 2017 йилдан бери бошқариб келаётган эди. Бунгача у Қўшработ туманини бошқарган, шунингдек, Тошкентдаги “Элит Фаворит” хусусий корхонасида директор маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Маълумотларга кўра, у бир муддат Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини ҳам бажариб турган.

Каттақўрғон тумани ҳокимлиги маълумотига кўра, Аъзамхон Баҳромов 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида дафн этилади.