Жорий йилнинг 16 октябрь куни ҳарбий қисм чегарачилари билан ўтказилган Экологик назорат тадбири давомида 8 нафар фуқаро Хоразм вилоятининг Туркманистон Республикаси билан чегарадош Тупроққалъа туманининг чегара олди ҳудудида тунги соат 02.00 ларда чегараолди ҳудудида юриш тартибини ҳамда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиб, бир дона ёввойи тўнғизни отиб ўлдирганлари ва ов қилиш мақсадида юрганлари аниқланган. Бу ҳақда Хоразм вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, ҳуқуқбузарлардан 6 та ов қуроли, 105 та ўқ-дори ва 4 та қармоқ ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар суд идораларига тақдим этилиши билдирилган.
Sof.uz нашри ўз манбасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда, ҳуқуқбузарлардан бири туман ҳокимининг ўринбосари, яна бири ИИБ масъул ходими, қолганлари тадбиркорлар бўлганини ёзган.