Алишер Навоий ордени ва ижод мактаби таъсис этилади

Алишер Навоийга Беларус пойтахти Минскда ўрнатилган ёдгорлик.

Ўзбекистонда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланади ва унинг номидаги орден таъсис этилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни 19 октябрда имзолади.


Қарорга асосан, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини кенг ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилади.


Алишер Навоий ижодини ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий ордени таъсис этилади.


Қарорда Алишер Навоийнинг хорижий давлатларда сақланаётган қўлёзмаларининг факсимиле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўриш ҳам белгилаб қўйилди.


Тошкент шаҳрида 2021 йилда Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ташкил этилади. 2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформаси яратилади.


2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.