БМТ Хавфсизлик кенгаши Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди

Тоғли Қорабоғ харитаси.

БМТ Хавфсизлик кенгаши 19 октябрда ёпиқ эшиклар ортида ўтган маслаҳатлашувлардан сўнг Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматларини Тоғли Қорабоғда оташкесим битимига амал қилишга чақирди.


Тоғли Қорабоғда 17 октябрда томонлар навбатдаги оташкесимни эълон қилган эди. Бироқ 19 октябрь куни эрталаб Озарбайжон ва Арманистон кучлари ўртасида яна отишма содир этилди. Томонлар бир-бирларини оташкесимни бузганликда айбламоқда.


Айни пайтда БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Россия Тоғли Қорабоғда сулҳга эришиш юзасидан баёнот лойиҳасини тайёрламоқда.

AFP агентлигининг хабар беришича, баёнотда Арманистон ва Озарбайжон Минск гуруҳига кирган Россия, Франция ва АҚШ воситачилигида музокараларни қайта бошлашга чақирилади.


Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ТАССга берган интервьюсида Москвада музокаралар ўтказишга тайёр эканликларини билдирганлар.


Тоғли Қорабоғда жанглар 27 сентябрь куни бошланган эди. Халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган Тоғли Қорабоғни 1994 йилдан бери Арманистон дастаклаб келаётган арманлар бошқариб келади.