“Ўзбек тили байрами куни” дам олиш куни ўлароқ белгиланганига оид хабарлар рад этилди

Ўзбек тили байрами ҳисобланмиш 21 октябрни шу йил апрелида қабул қилинган қонунга мувофиқ дам олиш куни сифатида белгиланганига оид хабар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига қарашли Antifake.uz Телеграм-канали маълумот тарқатди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мазкур кунни дам олиш куни ўлароқ белгиланганига оид хабарлар тарқалган эди.

Қайд этилишича, “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида 21 октябрни дам олиш куни деб белгилаш қайд этилмаган.

Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали эса мамлакат Меҳнат кодексида қайд этилган ишланмайдиган кунлар рўйхатини келтиради:

  • 1 январь – Янги йил;
  • 8 март – Хотин-қизлар куни;
  • 21 март – Наврўз байрами;
  • 9 май – Хотира ва қадрлаш куни;
  • 1 сентябрь – Мустақиллик куни;
  • 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
  • 8 декабрь – Конституция куни;
  • Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрамининг биринчи куни;
  • Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни.

“Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 10 апрель куни имзоланган. Ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 23 мартда қабул қилинган, Сенат томонидан 24 март куни маъқулланган.

“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонун 1989 йил 21 октябрида қабул қилинган эди. Мазкур қонунда Ўзбекистонда ягона давлат тили сифатида ўзбек тили тан олиниши белгиланган.