Франция ўқитувчилари ижтимоий тармоқлар таъсири кучайиб бораётганидан ташвишда

Плакатда "Мен ўқитувчиман", деб ёзилган. Ўқитувчи Самюэл Пати хотираси учун ўтказилган намойиш. Париж, 18 октябрь 2020 йил.

Францияда тўрт кун олдин ўлдириб кетилган ўқитувчининг ҳамкасблари бўлиб ўтган воқеа юзасидан матбуотга илк маротаба баёнот беришди. Баёнотда Буа-д’Ольн коллежи ўқитувчилари ҳалок бўлган ҳамкасбининг оиласига таъзия изҳор қилдилар ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири кучайиб бораётганидан ташвиш билдирдилар.


Ўлдириб кетилган ўқитувчи Самюэл Патининг ҳамкасблари республика ва дунёвий давлат қадриятлари халқ таълими пойдевори эканини қайд этдилар. Баёнотда таъкидланишича, Самюэл Пати ўқувчиларга сўз эркинлиги ҳақида ҳикоя қилаётганида, айни мана шу қадриятларга таянган.


Ўқитувчилар ижтимоий тармоқларнинг ўқувчиларга таъсири кучайиб бораётганидан ташвиш билдирган. Аввалроқ Патини ўлдирган ўқувчи ўқитувчи Муҳаммад пайғамбарга чизилган карикатураларни кўрсатгани ҳақида қариндоши ижтимоий тармоққа жойлаган видеодан хабардор бўлгани билдирилганди.


Ўқитувчи Пати ўлдириб кетилганидан сўнг Франция ҳукумати ижтимоий тармоқларни “ўқитувчининг адабини бериб қўйиш”га чақирилган видеони ўчириб ташламагани учун танқид қилди.


Франция адлия вазири Эрик Дюпон-Моретти Европа Иттифоқини ижтимоий тармоқлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи янги қонунларни қабул қилишга чақирди.


47 ёшли Пати 16 октябрь куни ўлдирилганди. Ўлимидан аввалроқ у ўқувчиларига Charlie Hebdo журналида босилган ва Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни ўқувчиларига кўрсатган ҳамда улар билан сўз эркинлиги мавзусини муҳокама қилган. Шундан сўнг унга таҳдидлар бошланган.


Ўқитувчининг ўлимида Москвада туғилган Абдуллоҳ Анзоров гумонланмоқда. Унинг оиласи 2008 йили Франциядан бошпана сўраганди.

У Твиттердаги ўз саҳифасига боши танасидан жудо қилинган Патининг суратини жойлаб, у пайғамбарни ҳақорат қилгани учун “қатл этилгани”ни билдирганди. Полициячилар Анзоровни қўлга олишга уринганлар, бироқ у пневматик тўппонча ўқталгани учун отиб ўлдирилган.