Сенат аъзолари қимматбаҳо металларга оид қонунни рад этишди

Олий Мажлис Сенати биноси.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлисида “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан рад этилди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, мажлисда мазкур қонун Сенат қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертлар томонидан кўриб чиқилиши жараёнида унинг айрим моддалари қўйиладиган талабларга жавоб бермаслиги аниқланган.

Хусусан, ушбу қонуннинг 12-моддаси бешинчи ва 25-моддаси олтинчи хатбошиларини “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасига мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқлиги билдирилган.

Сенаторлар давлатнинг қимматбаҳо металларни саноат усулида қазиб олишни амалга оширувчи корхоналар фаолиятига аралашувини камайтириш мақсадида қонуннинг тегишли моддалари нормаларини қайта кўриб чиқиш ва 15-моддаси талабларини амалдаги қонунчилик ҳужжатлари нормаси билан мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлаганлар.

Яна бошқа айрим камчиликларни эътиборга олган ҳолда, Сенат аъзолари “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги қонунни рад этиш ҳақида қарор қабул қилганлар.