Зироат Мирзиёеванинг фонди ҳаво ифлосланишини аниқлаш лойиҳасини амалга оширмоқда

Зироат Мирзиёева. "Замин" фонди фотоси.

“Замин” фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирокида БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНEП), БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, БМТнинг Тараққиёт дастури, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ўтказилган видеоанжуманда, «Замин» фонди атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш лойиҳасининг биринчи босқичи якунига етгани маълум қилинди.


“Замин” фондининг маълум қилишича, лойиҳанинг биринчи босқичида 63 та кузатув пункти ягона таҳлилий марказга бирлаштирилди. Мониторинг натижалари эса monitoring.meteo.uz очиқ онлайн платформаси ва АирУз мобил иловасида эълон қилиб борилмоқда.


Лойиҳа уч босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Иккинчи босқичда бутун республика бўйлаб автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш ва ҳаво мониторинги учун халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган.


Учинчи босқичда мониторинг натижалари республикадаги Ягона геоинформацион маълумотлар базасига киритилиб, халқаро ахборот тизимларига интеграцияланади.


“Ушбу станциялар тўлиқ ишга тушиши натижасида, ҳаво сифати мониторинги халқаро стандартларга мувофиқ ҳар соатда аниқлаб турилади. Фуқаролар ўзи истиқомат қиладиган жойининг ҳавосини ифлосланганлик даражасини ва унинг сабабларини аниқ билиш имконига эга бўлади”,-дейилади хабарда.