Пашинян: Тоғли Қорабоғ масаласини дипломатия билан ҳал қилиб бўлмайди

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян 21 октябрь куни халққа қилган мурожаатида Тоғли Қорабоғдаги урушни дипломатик йўл билан тўхтатиш имкониятини кўрмаётгани ҳақида гапирди.


Пашинянга кўра, халқаро ҳамжамиятнинг конфликтни дипломатик йўл билан ҳал этиш уринишлари муфаввақиятсизликка учрамоқда.


“Биз тушунишимиз лозимки, Қорабоғ масаласи айни босқичда ва яна узоқ вақт давомида ўзининг дипломатик ечимини топиши мумкин эмас”,-деди Пашинян.


Унинг айтишича: “Айни пайтда Арманистон учун мақбул бўлган дипломатик ечим бундан буён Озарбайжон учун мақбул эмас”.


Пашинян арманларни қўлига қурол олиб “ватанни ҳимоя қилиш”га чақирди.


Пашиняннинг халққа мурожаати Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг баёноти ортидан янгради.

Илҳом Алиев ўз чиқишида Озарбайжон армияси арман кучлари устидан мутлоқ устунликка эришаётганини таъкидлаб, ҳарбий юриш ғалаба билан якунланиши аниқ бўлиб қолганини айтди.


Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Ўшандан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Шу сабабдан юз минглаб этник озарбайжон уруш қочқинлари бўлиб қолмоқда. Тоғли Қорабоғдаги жанглар 27 сентябрда бошланган эди.